Logo

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

582 13 апр., 2022 Распечатать Скачать (PDF 106 Kb)


       

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчи-фойдаланувчиларнинг автомобиль йўллари ҳолати бўйича шикоятлари, жойлардаги йўл муаммолари акс этган фото ва видео мурожаатлар соҳа мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилди.

Бугунги кунда республикадаги автомобиль йўллари тармоғининг узунлиги 209,5 минг километр бўлиб, ушбу йўлларнинг асосий қисми 1991 йилга қадар қурилган ва 190 минг километр қисмининг юк кўтариш қобилияти 5-8 тоннага мўлжалланган ҳамда оғир вазнли транспорт воситаларининг босимига бардош бера олмай йўл қопламаларининг бузилишига олиб келмоқда.

Шунингдек, шаҳар кўчаларида дренаж тизимларининг эскирганлиги сабабли ёғингарчиликлар даврида ёмғир сувларининг тўпланиб қолиши кузатилмоқда.

Натижада йилнинг мавсумий ёғингарчилик даврида йўлларда носозликлар, жумладан, чуқурчаларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

Мазкур ҳолатларни тезкор бартараф этиш ҳамда автомобиль йўлларидаги носозликларнинг тизимли равишда олдини олиш мақсадида алоҳида йўналишлар бўйича комплекс амалий тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 2017 йил 1 январь ҳолатида таъмирталаб йўллар узунлиги 119,5 минг километрни ташкил қилган бўлса, охирги беш йил (2017-2021) давомида 53,8 минг километр автомобиль йўлларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди ва  ушбу йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти яхшиланди.

Биргина 2021 йил давомида 20,6 минг километр автомобиль йўллари, шундан 16,6 минг километр шаҳар кўчалари ва ички йўллар таъмирланди. Шунингдек, 328 та кўприк, 23 та ер ости ва ер усти пиёдалар йўлаклари, 348 км пиёдалар ва 286 км велосипед йўлакчалари қурилди ҳамда таъмирланди.

Жорий йил 1 январь ҳолатига республикадаги таъмирталаб йўллар узунлиги 65,7 минг километрни ташкил этиб, ушбу таъмирталаб йўлларни 2022-2025 йилларда босқичма-босқич таъмирлаш бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда жорий йилнинг феврал-март ойларида меъёрдан ортиқ ёғингарчиликлар натижасида автомобиль йўлларида юзага келган носозликларни бартараф этиш бўйича республиканинг ҳар бир ҳудудида тезкор гуруҳлар ташкил этилиб, икки босқичда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда:

биринчи босқичда – хавфсиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида йўллардаги майда носозликларни, жумладан, пайдо бўлган чуқурчаларни тезкор равишда асфальт-бетон билан бартараф этиш ишлари амалга оширилди;

иккинчи босқичда – келгусида чуқурчалар пайдо бўлиши мумкин бўлган таъмирталаб йўл участкаларини картасимон равишда асфальт-бетон билан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Йўл ишларини бажаришда халқаро стандартларни қўллаш
ва сифат назоратини доимий таъминлаш
мақсадида халқаро стандартларга тўлиқ риоя қилган ҳолда буюртмачи, лойиҳачи
ва пудратчи ўртасида
FIDIC тизими тадбиқ этилиши бошланди.

Мазкур тизим орқали бажарилган иш ҳажми мутахассислар назоратида бўлиб, сифатсиз ишларга уларнинг молиявий жавобгарлиги белгиланади.

Охирги икки йил давомида соҳага оид 200 дан ортиқ норматив ҳужжатлар қайта ишлаб чиқилди ва замонавий стандартларга мослаштирилди ҳамда бугунги кунда Германия ва Туркиядан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда янги меъёр
ва стандартлар ишлаб чиқилиши давом этмоқда.

Йўллардаги мавжуд йўл белгиларини замонавийларига алмаштириш, йўл чизиқларини юқори сифатли термопласт бўёқлари орқали чизиш ишлари йўлга қўйилди. Бугунги кунда Хитойнинг компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма корхона томонидан йўл чизиқлари (разметка) учун термопласт бўёқлар ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, автомобиль йўлларида ҳаракат қатновини бошқариш ва халқаро стандартлар талаби асосида ташкил этиш мақсадида ахборот-коммуникация тизимига асосланган замонавий рақамли интеллектуал технологияларни қўллаш тизими ташкил этилмоқда.

Хусусан, синов тариқасида A373 халқаро автомобиль йўлининг "Қамчиқ" довонидан ўтган 100 км қисмида транспорт оқимини интеллектуал (ITS) бошқариш тизими йўлга қўйилмоқда.

Бундан ташқари, "Очиқ бюджет" платформаси орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий автомобиль йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағларни жамоатчилик фикри асосида маълум бир манзилдаги автомобиль йўлини таъмирлашга йўналтириш имкони яратилди.

Шу билан бирга, "Шаффоф йўл" платформаси яратилиб, ушбу платформа орқали аҳолининг йўллар носозлиги, йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун пайдо бўлган фавқулодда техник муаммолар ҳақида фото ва видео лавҳалар йўллаш орқали мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилмоқда.

Республика автомобиль йўлларидан фойдаланиш ҳолатини талаб даражасида сақлаш ҳамда қурилиш ва таъмирлаш ишларининг замонавий технологияларни қўллаган ҳолда сифатини ошириш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда.

                                               Автомобиль йўллари қўмитаси

Матбуот хизмати

Интерактивные услуги

Единый портал интерактивных государственных услуг