Logo

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА ЭШИТУВ БЎЛИБ ЎТДИ

1029 4 июня, 2021 Распечатать Скачать (PDF 109 Kb)


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Энергетика вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги мутасадди раҳбарларнинг "Соҳада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилаётганлиги ҳолати тўғрисида"ги ахборотлари эшитилди.


Эшитувда Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ўринбосари Жамшид Турсунов соҳага оид масалаларда жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг ечимига қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берди. Жумладан:

2021 йилнинг прогноз параметрларида белгиланган дастурлар ва топшириқлар асосида жорий йилда 7 трлн 177 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 19 613 км автомобиль йўллари реконструкция қилинади ва таъмирланади. 

Шундан:

– Инфратузилмани ривожлантириш (Инвестиция) дастури доирасида 2 трлн 165 млрд сўм маблағ ўзлаштирилади;

– капитал таъмирлаш дастури доирасида 353 млрд сўм маблағ ўзлаштирилади; 

– ички йўлларни таъмирлаш бўйича 2 трлн 854 млрд сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 7 794 та маҳалла фуқаролари йиғинида 16 804 км ички йўллар таъмирланади (шундан, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари  доирасида 2 936 км ички йўллар 653,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағлар ҳисобига таъмирланади); 

– умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш бўйича 1 трлн 805 млрд сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 2 614 км автомобиль йўллари жорий таъмирланади. 

Бундан ташқари, халқаро молия институтлари иштирокидаги 7 та лойиҳа доирасида жами 154 млн доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштирилади. 

Таъкидландики, ҳозирги кунда автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишларида қўлланилаётган меъёрий ҳужжатлар Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан "Ўзстандарт" агентлиги ва Қурилиш вазирлиги иштирокида инвентаризация қилинган.

Автомобиль йўллари соҳасига оид 458 та меъёрий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, шундан Автомобиль йўллари қўмитаси буйруқлари асосида 121 та идоравий қурилиш нормалари (ИҚН) амалга киритилган, 193 та давлатлараро стандартлар (ГОСТ), 33 та Ўзбекистон давлат стандартлари (O'zDSt), 11 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ) ҳамда 100 та қурилишга оид халқаро ва давлатлараро стандартлар ва бошқа норматив ҳужжатлардан фойдаланилмоқда. Охирги уч йилда 34 та янги таҳрирдаги меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлса, 87 та меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Шунингдек, 72 та халқаро стандартлар жорий қилинган.

2021 йилда Автомобиль йўллари илмий тадқиқот институти томонидан жами 27 та, шу жумладан 17 та автомобиль йўллари соҳасига оид меъёрий ҳужжатларни халқаро стандартларга мослаштириш ҳамда 10 та янги меъёрларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Юқорида қайд этилган ишларни тизимли давом эттирилиши Республикамиз иқтисодиётининг қон томири бўлган – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини янада ривожланишига, халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларининг транзит салоҳиятини ошириб, ҳудудларни комплекс ривожлантиришга ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга катта туртки бўлиб хизмат қилади.

Эшитувда депутатлар соҳага оид мутасадди раҳбарларга таклифлар билан бирга ўзларини қизиқтирган саволлар, таклифлар ва тавсияларини берди.

Тадбир давомида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Автомобиль йўллари қўмитаси

Матбуот хизмати

Интерактивные услуги

Единый портал интерактивных государственных услуг