Logo

АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ҚЎМИТАСИНИНГ РАСМИЙ БАЁНОТИ

1436 30 июля, 2022 Распечатать Скачать (PDF 101 Kb)


Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Молия вазирлигининг Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси раҳбарининг ахбороти бўйича ёритилган материалларда 2021-2022 йилларда йўл хўжалиги лойиҳаларида амалга оширилган қуриш-таъмирлаш ишларини ўрганишлари натижасига кўра 45 та ҳолатда 34 трлн 575 млрд  сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган деб қайд этилганлиги ҳақиқатга тўғри келмайди. 


Ушбу материалларда йўл ишларини амалга ошириш учун 2021 йил ва 2022 йилнинг I ярим йиллигида Жамғарма томонидан жами 13,3 трлн сўм ажратилганлиги баён этилган бўлса-да, 34,5 трлн сўмлик маблағлар самарасиз ва ноқонуний сарфланган деб кўрсатилиши мантиқан нотўғри. 

Қўмитанинг матбуот хизмати томонидан олиб борилган тушунтиришлардан сўнг айрим сайтлардаги маълумотларга ўзгартиришлар киритилиб, "34,5 трлн сўм" жумласи "34,5 млрд сўм" жумласига ўзгартирилди. 

Ўз навбатида, ушбу 34,5 млрд сўм миқдоридаги маблағларнинг самарсиз ишлатилиши тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилиб, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясидан маълумотлар олинди. 

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 34,5 млрд сўмдан 12,1 млрд сўм (36%) қисми республика йўл хўжалиги тизимига тааллуқли бўлмаган корхоналар ва объектларга тегишлидир.

Қолган 22,4 млрд сўм маблағнинг 15,8 млрд сўм (71%) қисми ўз тасдиғини топмади. 

Қолган 6,6 млрд сўм миқдоридаги йўл ишларини бажариш билан боғлиқ аниқланган камчиликлар текширув жараёнида тўлиқ бартараф этилган ҳамда тегишли далолатномалар билан расмийлаштирилган. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, аниқланган камчиликлар орасида Жамғарма маблағларини талон-тарож қилиш ҳолатлари аниқланмаган. 

Автомобиль йўллари қўмитаси сўз эркинлиги бўйича Конституциявий ҳуқуқларни ҳурмат қилган ҳолда барча оммавий ахборот воситалари,  блогерлар ва фуқаролар учун очиқлигини ҳамда соҳага оид барча саволларга жавоб беришга тайёрлигини яна бир бор маълум қилади. 

Автомобиль йўллари қўмитаси 

Матбуот хизмати 

Интерактивные услуги

Единый портал интерактивных государственных услуг