Logo

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА ЭШИТУВ БЎЛИБ ЎТДИ

1527 26 Ноябр, 2021 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 114 Kb)


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан соҳа вакиллари, депутатлар, алоқадор вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6155-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастурининг     89-бандида назарда тутилган вазифалар ижроси юзасидан эшитув ташкил этилди.


Эшитувда давлат дастурининг 89-бандида назарда тутилган вазифалар ижросидан бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ўринбосари Жамшид Турсунов ахборот берди. Жумладан:

Республикамизда йўл-транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги беш йил давомида 653 та йирик кўприклар ва йўл ўтказгичларнинг қурилиши, 907 та кўприклар ва йўл ўтказгичларнинг реконструкция қилиниши ва таъмирланиши транспорт инфратузилмасининг ривожланишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсата бошлади. Йирик шаҳарларимизда хорижий мутахассислар билан бирга замонавий лойиҳалар асосида янги кўприкларни қуриш орқали транспорт оқимини бошқаришда ижобий натижаларга эришилди.

Шу билан бирга, автомобиль йўлларидаги мавжуд кўприклар, йўл ўтказгичлар, тоннеллар, транспорт ечимлари ва бошқа сунъий иншоотлар соз ҳолатда сақланиши, таъмирталаб кўприк иншоотларни тикланиши бўйича кечиктириб бўлмас аниқ чораларни кўриш мақсадида республикадаги мавжуд кўприк иншоотлари хатловдан ўтказилди.

Автомобиль йўлларидаги мавжуд кўприк иншоотлари қайта хатловдан ўтказилиши натижасида 2021 йил 1 март ҳолатига кўра республикада 278 508,0 пм узунликдаги жами 14 755 дона кўприк иншоотлари мавжуд эканлиги; 3 324 дона кўприк иншоотлари идоравий мансуб ташкилотларга бириктирилмаганлиги, 1 009 дона кўприк иншоотлари аварияолди ва авария ҳолатида эканлиги, 5 930 дона кўприк иншоотлари таъмирталаб аҳволдалиги аниқланди.

Инвентаризация натижаларидан келиб чиқиб, идоравий мансуб ташкилотларга бириктирилмаган кўприк иншоотларини тегишли вазирлик ва идораларга ҳамда маҳаллий ҳокимликларга бириктириш бўйича амалий чоралар белгиланган. Шунингдек, аварияолди ва авария ҳолатида бўлган кўприкларни тиклаш ишларини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг тегишли қарорларига мувофиқ манзилли рўйхатлар шакллантирилди ва тасдиқланди.

Амалдаги дастурларга мувофиқ жорий йилда таъмирталаб кўприк иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари мақсадида 400,0 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилиб, ушбу маблағлар ҳисобидан 328 дона кўприк иншоотларини тиклаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

Шу жумладан, 37 дона умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги кўприк иншоотларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари; 107 дона умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидаги кўприк иншоотларида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари; 71 дона шаҳар кўчалари ва ички йўллардаги кўприк иншоотларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари; 113 дона шаҳар кўчалари ва ички йўллардаги кўприк иншоотларида капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

2021 йил 1 ноябрь ҳолатида тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ушбу кўприкларни тиклаш ишлари учун 616,9 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, амалда 230 дона кўприк иншоотлари фойдаланишга топширилди ва 388,8 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ўзлаштирилган.

Бугунги кунда кўприк иншоотларини жорий таъмирлаш ишлари бўйича 10 дан ортиқ меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётда қўлланила бошланди.

Маълумки, автомобиль йўллари ва кўприкларни лойиҳалашда уларнинг юк кўтариш қобилияти ҳисобланиб, кўприклар 1938-1952 йилларда 60 тонна, 1953-1983 йилларда 30-80 тонна, 2012 йилдан 100 тоннага мўлжалланиб қурилган. Кўприкларнинг аксарияти 1960-1990 йилларда қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлиб, уларнинг юк кўтариш қобилияти 30-80 тоннани (ички хўжалик йўлларидаги кўприкларда юк кўтариш қобилияти 30 тонна) ташкил қилади.

Мавжуд кўприкларни юк кўтариш ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли йўл белгилари ўрнатилишига қарамасдан, юк автотранспорт воситаларининг белгиланган меъёрлардан ортиқ юк билан ҳаракатланиши натижасида кўприкларни яроқсиз ҳолга келишининг асосий сабаблардан бири бўлмоқда.

Бугунги кунда кўприк ва йўл ўтказгичлар қурилиши соҳасида янги технологиялар, жумладан кўприкнинг оралиқ қурилмасини монолит бетондан барпо этиш технологияси қўлланилмоқда.

Ушбу технологиянинг афзаллиги кўприк оралиқ қурилмаларини завод шароитида йиғма темир-бетондан тайёрлашнинг олди олиниб, ортиқча завод харажатлари ва транспорт харажатларининг тежалишига олиб келади. Завод шароитида тайёрланган йиғма темир-бетон маҳсулотини ишлатишга тайёр ҳолга келиши узоқ муддатни талаб қилиб, монолит ҳолда барпо этилган оралиқ қурилмалар қисқа муддатда фойдаланиш учун имкон яратади.

Шунингдек, кўприкни қозиқ қоқиш усулидан бурғулаш усулида қозиқ қуришга ўтиш, кўприкни ҳимояловчи полизол материаллари ўрнига сифатли узоқ муддат ишлашини таъминлайдиган геотекстил материалларини қўллаш амалиётга киритилмоқда.

Қўмита томонидан ташкил этилган эшитувда давлат дастурининг

89-бандида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш доирасидаги бу каби чора-тадбирлар барча ҳудудларда изчиллик билан ташкил этилаётгани, ушбу йўналишда олиб борилаётган амалий ишлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш, фуқароларга қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Депутатлар томонидан республикада жорий йилда ва кейинги йилда амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Эшитув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Автомобиль йўллари қўмитаси

Матбуот хизмати


Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали