Logo

"Амирсой" тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида содир бўлган кўчки юзасидан расмий изоҳ

727 25 Март, 2021 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 1325 Kb)


Жорий йилнинг март ойида "Амирсой" тоғ-чанғи курорти ҳудудида кўп миқдорда қор ва ёғингарчилик кузатилиб, намгарчилик меъёридан ортиши сабабли ҳудуддаги гурунт ва тоғ жинсларида геологик силжиш содир бўлган.



Автомобиль йўли ва йўлга ёндошган қияликлар лёссимон тоғ жинсларидан (суглинкалар, супеслар) ва сунъий тўлдирилган тоғ жинсларидан ташкил топган, остида неоген ётқизиқлари песчаник ва алевролитлар тарқалган.

Ушбу геологик силжиш оқибатида кўчки ёриқларидан тахминан ҳажми 50 000 м3 гача бўлган кўчки фаоллашган. Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизматининг маълумотларига кўра ушбу ҳудудда хавфли геологик жараёнларни фаоллашишининг реал хавфи туғилиб, кўчки ёриқларида 6 мартдан бошлаб олиб борилган кузатиш натижалари ва ўрнатилган топогеодезик реперларни кўрсаткичига кўра суткасига 10-20 см гача сурилиш, 1,0 м гача чўкишлар давом этмоқда.

Юқоридаги ҳолатдан келиб чиқиб, "Амирсой" ҳудудига олиб борувчи автомобиль йўлининг 15-16 пикет, 19-20 пикет ва 33-34 пикет оралиқ қисмларида вақтинчалик йўловчи ва автотранспорт воситалари ҳаракати чекланди.


Мазкур ҳолат ҳозирда турли интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин этилаётганлиги кузатилмоқда. Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз тоғ ва тоғ олди ҳудудларида бу каби жараёнлар мунтазам равишда содир бўлиб туради. Тоғ жинсларининг силжиши, кучли сел келиши, гурунтнинг ўта даражада меъёрдидан ортиқ намланиши таъсирида грунт кўчкиси ва бошқа табиий офат оқибатлари натижасида йўлларнинг вақтинча бир неча кунлаб ёпилиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Бу каби табиий офатлар ўз кўламига қараб автомобиль йўллари ҳолатига ва йўл бўйи инфратузилмаларига ҳам турли кўринишда таъсир ўтказди. Ўз вақтида кўрилган чора тадбирлар натижасида эса йўллардаги ҳаракат мунтазамлиги таъминлаб келинмоқда. 

Ҳозирда "Амирсой" тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳудудида содир бўлган табиий ҳодиса Ўзбекистон Республикаси хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси вакиллари ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг мутахассислари билан биргаликда жойида ўрганилмоқда. 

Ўрганишлар натижалари бўйича киритилган тегишли хулоса ва тавсиялар асосида содир бўлган табиий офат оқибатлари бартараф этилади ва қисқа муддатларда автомобиль йўлида тиклаш ишлари амалга оширилиб, автотранспорт воситалари ҳаракати қайта тикланади.

Автомобиль йўллари қўмитаси

Матбуот хизмати


Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали