Рус | Eng | O'zb

09.03.2012

ПРЕСС-КОНФЕРЕНЦИЯ ЯКУНЛАРИ...

Далее

22.09.2011

Kompaniyaning 2011 yil 6 oylik faoliyati...

Далее

20.04.2011

Ўзбекистон Республикасида транспорт ва коммуникация инфратузилмасининг ривожланиши...

Далее


09.03.2012

ПРЕСС-КОНФЕРЕНЦИЯ ЯКУНЛАРИ

Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси томонидан Миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ўзбек миллий автомагистрали: кеча, бугун, истиқболли режалар, кутилаётган натижалар” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этиб ўтиш керакки, бугунги кунда Республикамизда қарийб 184 минг км узунликдаги автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан 42654 километри – умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳисобланади (шундан 2755 км автомобиль йўли Ўзбек миллий автомагистрали ҳисобланади).

Юқоридаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини сақлаш, фойдаланиш ва такомиллаштириш каби вазифаларни узлуксиз амалга ошириш учун компания таркибида 13 та ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларини сақлашга ихтисослаштирилган 7 та минтақавий таъмирлаш-фойдаланиш корхоналари, 161 та туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, компания таркибида Автомобиль йўллари илмий-тадқиқот институти, ўқув марказлари, бошқа йўл қурилиш, махсус бурғулаш-портлатиш ҳамда саноат корхоналари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Компания ҳамда унинг тизимидаги корхона ва ташкилотларнинг асосий фаолият мезони 2007 йил октябрь ойида қабул қилинган “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу қонун доирасида қабул қилинган Давлат дастурлари ижросига қаратилган.

Юқори жахон талаблари ва стандартларига жавоб берадиган, автомобиль транспортида халқаро, транзит ва республика ичида юклар ва йўловчиларни йил давомида бир маромда ва самарали ташишни таъминловчи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари қурилишини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 20 декабрдаги ПҚ-535-сонли қарори билан 2007-2010 йилларда халқаро ва давлат аҳамиятидаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш Дастурларини ўз ичига олган Ўзбекистон Республикасининг 2007-2010 йилларда ва узоқ муддатли истиқболда умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари қурилишини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2009 йил 22 апрелда қабул қилинган “2009-2014 йилларда Ўзбек миллий автомагистралини реконструкция қилиш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2009 йил 22 октябрда имзоланган “Ўзбек миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервисини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2010 йил 21 декабрда қабул қилинган “2011-2015 йилларда инфратузилма, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорлар ҳамда улар асосида қабул қилинган мақсадли Дастурлар изчиллик билан амалий ҳаётга жорий қилинмоқда.

Бевосита рақамларга мурожаат қилинса, қуйидагилар ойдинлашади: ўтган йиллар давомида халқаро ва давлат аҳамиятига молик бўлган 4050 километрга яқин янги йўллар қурилди ва тубдан реконструкция қилинди. Натижа шуни кўрсатмоқдаки, 1991 йилга нисбатан бугунги кунда цементбетон қопламали йўлларнинг узунлиги 75 км.га, асфальбетон қопламали йўллар – 1902 км.га, қора қопламали йўллар – 542 км.га, тош-шағал қопламали йўллар эса – 421 км.га ошди. Алоҳида таъкидлаш керакки, айни кунга қадар умумий узунлиги 6645 погонометр (пм)дан иборат 175 та кўприк, 3938 пм. ни ташкил этувчи 19 та йўл ўтказгич ва транспорт ечимлари қурилди ва таъмирдан чиқарилди. Бир сўз билан айтганда, компания тизимидаги барча корхона-ташкилотлар мамлакатдаги асосий йирик лойиҳалар ва объектлар қурилишларида фаол қатнашиб келмоқда.

2011 йилда ҳам истиқлолнинг дастлабки даврларидан бошланган савобли иш – йўл ва кўприклар қурилиши суръати ошганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Ўтган йил мобайнида Республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб 1506 км автомобиль йўллари янгидан қурилди ва таъмирланди. Шу жумладан “Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи 302,5 км автомобиль йўли қурилди ва реконструкция қилинди, 329,5 км умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари, 764 км ички хўжалик йўллари, 68 км намунавий уй-жой массивларига олиб борадиган ҳамда 42 км шаҳар кўчалари таъмирланди. Бу ишларнинг барчаси учун 572,0 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди. Бундан ташқари ўтган 2011 йилнинг ўзида Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи йўллар бўйлаб 95 та йўл-сервис объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Мамлакат Президентининг 2010 йил 21 декабрдаги, юқорида номи келтирилган қарори билан тасдиқланган Дастур асосида 2011-2015 йиллар мобайнида Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирувчи йўлларнинг 2306 км, шу жумладан 1410 км қисми қурилади ва реконструкция қилинади, 896 км қисми қоплама ва геометрик ўлчамлари 10 тонналик оғирлик-меъёрий бирликдан 13 тонналик оғирлик бирлигига ўтказилади. Бу ишлар сирасига “Бейнов-Қўнғирот-Бухоро-Навоий-Самарқанд-Тошкент-Андижон” йўналиши бўйича 1008 км автомобиль йўлини қуриш ва реконструкция қилиш, Қамчиқ довони бўйлаб “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлидаги 100 км йўлни қайта қуриш ва реконструкция қилиш, Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб 22 км.лик айланиб ўтиш йўлини ниҳоясига етказиш ва бошқа ўнлаб қурилишларни  киритиш мумкин.

Жумладан, жорий 2012 йилда ҳам инвестиция Дастурига мувофиқ 517 км автомобиль йўли (жумладан 165 км цементобетон қопламали йўллар) ва 544 пм йўл ўтказгичлар қуриш мўлжалланган. Бундан ташқари шу йилнинг ўзида 204 км узунликдаги йўлларни мукаммал таъмирлаш, 3500 км йўлни жорий таъмирдан чиқариш, 5 та йўл хўжалиги корхоналарининг ишлаб чиқариш базаларини модернизация қилиш, бу ишлар бўйича 111 дона йўл-қурилиштаъмирлаш учун зарур бўладиган замонавий техника ва механизмларни харид қилиш кўзда тутилмоқда.

Юқоридаги Дастурда йўл ва кўприклар қурилишидан ташқари Ўзбек миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервис хизматларини ривожлантириш тадбирлари ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 19 жойда кемпинг, 18 жойда мотель, 36 жойда АЁҚШ, 49 жойда автомобилларни газ билан тўлдирувчи компрессорли станциялар, 78 жойда тез-тиббий ёрдам хизмати пунктлари, 31 жойда санитар-гигиеник шароитлардаги автомобиль тўхташ майдончалари, 9 жойда эса барча шарт-шароитларга эга бўлган сайёҳлик объектлари, жами 240 та янги қурилишлар амалга оширилади. Буларнинг барчаси мамлакат иқтисодий салоҳияти, юрт фаровонлиги ҳудудлари ободлигига ҳисса қўшиш баробарида юзлаб ёшларимизни янги, муқим иш ўринлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Матбуот анжуманида шу маълумотлар баробарида “Ўзавтойўл” раҳбарияти томонидан журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарилди.