Logo

Йиллар ва йўллар...

1375 22 Сентябр, 2018 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 117 Kb)


Мамлакатимизда сўнгги йилларда йўлсозлик соҳасини ривожлантириш, йўлларни халқаро талаблар даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йўлсозлар томонидан замонавий йўл, йўл ўтказгич, кўприк, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолининг узоғини яқин қилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилаётир. 

Йўли сознинг – иши соз

3 минг 965 километр умумий, шундан 400 километри халқаро, 1 минг 241 километри давлат ва 2 минг 324 километри маҳаллий аҳамиятга эга йўллар мавжуд бўлган Тошкент вилоятида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар мобайнида Тошкент-Андижон-Ўш, Тошкент-Самарқанд-Бухоро, Тошкент-Чимён-Чорвоқ йўллари реконструкция қилиниб, биринчи тоифага ўтказилди. Тошкент-Чимён-Чорвоқ йўли 2 миллиард 924 миллион, Паркент-Заркент-Сўқоқ автомобиль йўлининг 10 километрлик қисми эса 1 миллиард 65 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига тўлиқ таъмирланди. Бу жараёнда вилоят йўлсозлари "Katerpiller", "Virtgen", "Jibxerr", "Xamm", "Fogele", "ABG", "Daynapak", "Hitachi", "Komatsu", "Kato", "Nissan" каби жаҳонда етакчи компанияларнинг замонавий техника ва ускуналаридан фойдаланди. 

– Довон ошиб, водийга тез-тез бориб тураман, – дейди ангренлик Фазлиддин Шокиров. – Авваллари тик тоғ йўлларига кўтарилиш қийин, камига йўлларнинг ўнқир-чўнқирлиги асаб ва машинанинг заволи эди. "Қамчиқ" ва "Резак" туннеллари барпо этилгани айни муддао бўлди. Энди йўл учун ортиқча асаб ва вақт йўқотмаймиз. 

Маълумотларга кўра, истиқлол йилларида вилоят ҳудудида 235 километрдан зиёд йўлларда қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилган. Шунингдек, умумий узунлиги 1 минг 200 метрдан ортиқ 10 та йўл ўтказгич, қарийб 10 минг 600 метрлик 44 та кўприк қурилиб, реконструкция қилинган.

Вилоятда 10 минг 300 километрдан ортиқ ички хўжалик йўллари мавжуд. Транспорт қатнови хавфсизлигини таъминлаш ва аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида қишлоқларда яроқсиз ҳолга келган йўллар босқичма-босқич реконструкция қилиниб, тош-шағал, асфальт-бетон, цемент-бетон ва қора қопламали замонавий йўлларга айлантирилмоқда. Хусусан, биргина ўтган йили 120 километрдан зиёд йўл таъмирланди. Президентимизнинг "2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. 

– Мазкур қарор билан минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопламалари ҳолатини зарур даражага келтириш, уларни эксплуатация қилиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмаси янада такомиллаштирилиши назарда тутилган, – дейди вилоят автойўллар ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Бекмирзаев. – Бу билан, айниқса, қишлоқ жойларда қулай шароитлар яратиш, шунингдек, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларини истиқболли ривожлантириш мақсад қилинган. Дастурга мувофиқ, 2017-2018 йилларда вилоят бўйича 516 километрлик йўл ва кўчаларни таъмирлаш режалаштирилган. 

Янги йўллар – янги имкониятлар ва улкан тежамкорлик омили

Сўнгги йилларда йўл қурилиши борасида ҳайдовчи ва йўловчилар узоғини яқин қилиш, пойтахт ҳавоси мусаффолигини таъминлаш, шаҳар кўчаларида тирбандликнинг олдини олиш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, 2009-2017 йилларда Тошкент кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси томонидан "Тошкент айланма йўли" барпо этилди. "Тошкент ҳалқа йўли" автомобиль йўлининг 63 километри, яъни Сергели тумани 5-мавзеси орқа томонидан Бектемир-Ғазалкент-Чорвоқ автомобиль йўлигача бўлган йўналишда мазкур йўлнинг ишга туширилиши аҳоли, айниқса, ҳайдовчилар учун қатор қулайликлар яратмоқда. Хусусан, йўл бўйлаб замонавий шаҳарсозлик инфратузилмасини яратиш саноатни ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга, вилоятнинг жануби-шарқий ҳудудини шимоли-ғарбий қисми билан шаҳар ташқарисида боғловчи кўприк сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. 

– Ҳафтасига икки марта "Отчопар"га қатнайман, – дейди Нурафшон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Умид Норматов. – "Тошкент айланма йўли"нинг қурилиши билан йўлга сарфлайдиган вақтимиз ярим соатга қисқарди. Арзимасдек кўриниши мумкин-у, аммо ёқилғи ҳам икки литргача тежалмоқда. 

Дарҳақиқат, қарийб 22 километр йўл асфальт-бетон қоришмаси билан қопланиб, 26 метр кенгликда, ҳар бир томони уч полосали равон йўл барпо этилгани йўловчиларнинг вақти ва нақдини тежаш имконини бераётир. 

Маълумотларга кўра, айни пайтда мазкур йўлда кунига ўртача 20 минг автомобиль, 40 мингга яқин йўловчи ҳаракатланмоқда. Оддий арифметик ҳисоб-китобларга кўра, йўловчиларнинг кунига 20 минг соат, бошқача айтганда, 833 кун ёки 2 йилу 3 ой вақти тежалаётгани аён бўлади. Бу бир ойда қарийб 68 йил вақт тежалади, демакдир. 

Ёқилғи тежамкорлиги борасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатни кузатиш мумкин. Хусусан, кунига ўртача 20 минг автомобиль ҳаракатланиши ва ўрта ҳисобда 2 литргача ёқилғи тежалиши инобатга олинса, бир кунда ўртача 40 минг литр ёқилғи фойдага қолаётгани ойдинлашади. Агар буни энг арзон ёқилғи тури – метан газ мисолида ҳисобласак, кунига 68 миллион сўмлик ёқилғи тежалаётгани аён бўлади. Бу – лойиҳага сарфланган 188 миллиард 200 миллион сўм маблағ 8 йилга қолмасдан биргина ёқилғи тежалиши ҳисобига тўлиқ қопланишини англатади. 

200 га яқин сув ўтказиш иншооти, Чирчиқ дарёси устидан ўтувчи кўприк, битта темир йўл устидан ўтган йўл ўтказгич ва тўртта кичик кўприкни ўз ичига олган мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида пойтахт йўлларида автомобиллардан атмосферага кўплаб заҳарли газлар чиқишининг олди олинаётир. Шунингдек, пойтахтнинг Сергели туманидан бошланиб, Тошкент вилоятининг Зангиота, Янгийўл, Ўрта Чирчиқ, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларини боғлаган ҳолда водийга йўналтирилган ушбу йўл бўйлаб намунавий лойиҳалар асосида замонавий турар жой массивлари, ишлаб чиқариш қувватлари ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилишига замин яратилди. 

Янги йўл қурилиши ва унинг аҳамияти ҳақида гап борар экан, "Ўзбек миллий автомагистрали" таркибига кирувчи Гулистон – Оҳангарон йўли қурилишини ҳам алоҳида қайд этиш лозим. 55 километрлик мазкур йўл Буюк ипак йўлининг муҳим нуқтаси – водий ва Оҳангарон воҳасини юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғловчи кўприк сифатида, айниқса, ҳудудларни боғлаш масофасини аввалгига нисбатан 75 километргача қисқартиргани билан қимматлидир. 

Йўловчи хавфсизлиги – энг олий мезон

Вилоятда янги йўллар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш, йўл ўтказгич ва кўприклар барпо этиш билан бир қаторда аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари қуришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2008-2013 йилларда пиёдалар учун атиги битта ер ости йўли қурилган бўлса, сўнгги 5 йилда 4 та ана шундай замонавий йўл фойдаланишга топширилди. Бу эса, ўз навбатида, автомобиль ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишига замин яратаётир. 

Айниқса, зиёратчи ва сайёҳлар билан доимо гавжум бўладиган вилоятдаги тарихий обида ва муқаддас қадамжоларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш ва кенгайтириш, ер ости ўтиш йўллари ва автомобиллар тўхташ жойларини қуриш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

Зангиота тарихий-меъморий мажмуасидан мисол. Ҳамиша зиёратчи ва сайёҳлар билан гавжум бўладиган мазкур мажмуа қаршисидаги кўча яқин-яқингача тор ва доим тирбанд эди. Ер ости ўтиш йўли йўқлиги эса кўчанинг бу тарафига шошаётган зиёратчилар, жумладан, автомобиллар ҳаракатланишида қийинчилик туғдирарди. 

– Зангиота зиёратига тез-тез келиб тураман, – дейди самарқандлик Абдурасул Раҳматов. – Илгари обида қаршисидаги шундоқ ҳам серқатнов йўлда пиёдалар ва транспорт воситаларининг бетартиб ҳаракати турли ноқулайликларни келтириб чиқарарди. Бу галги сафаримда мутлақо ўзгача манзара. Менга таниш зиёратгоҳ биноси, йўл бўйидаги пастқам лойсувоқ уйлар замонавий қиёфа касб этибди. Ер ости йўли барпо этилгани эса жуда яхши иш бўлибди. Илгари тор ва тирбанд кўчадан юракни ҳовучлаб ўтардик. 

Дарҳақиқат, обида қаршисида пиёдалар учун кенглиги 6, узунлиги 48 метрлик умумий қиймати 11 миллиард 266 миллион сўм бўлган ер ости ўтиш йўли, шунингдек, 1000 дан зиёд автоуловни сиғдира оладиган 2 та автомобиллар тўхташ жойи фойдаланишга топширилди. 

Зиёратгоҳ ёнидан ўтувчи Эски Тошкент йўли ҳам тубдан қайта таъмирла нди. 3 полосали йўл кенглиги 16 метр бўлган 4 полосали, зиёратгоҳ рўпарасида эса 23 метрдан иборат 6 полосали этиб кенгайтирилди. Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ажратувчи панжаралар ўрнатилди. Йўл бўйидаги ёритгичлар ҳам янгиланди. Ҳозирда ушбу йўл 1-тоифали йўл талабларига тўлиқ жавоб беради. 

Кенг, текис ва равон йўллар, замонавий ер ости ўтиш йўллари йўловчиларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш, ортиқча вақт йўқотишининг олдини олиш баробарида, йўл ҳаракати билан боғлиқ нохуш ҳодисалар камайишига хизмат қилмоқда. 

– Йўл-транспорт ҳодисалари жорий йилнинг саккиз ойида ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда 28,4 фоизга камайди, – дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ бўлим бошлиғи Улуғбек Нурмуҳамедов. – Пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари 21,1 фоизга, хусусан, болалар иштирокидаги эса 34,8 фоизга камайди. Албатта, бу мамлакатимизда йўлларни халқаро меъёрлар даражасига келтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. 

"Йўл азоби – гўр азоби", дейишган ота-боболаримиз. Бугун бу ибора мантиқан эскирди. Йўлсозлик борасида амалга оширилаётган ишлар пировардида йўллар йўловчига азоб эмас, маданий ҳордиқ бағишламоқда. 

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз йўлсозлик соҳасида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳайдовчиларнинг йўл билан боғлиқ сарф-харажатларини кескин қисқартириш, йўловчилар узоғини яқин қилиш, айниқса, хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш баробарида, атмосферага заҳарли газлар чиқишининг олдини олиш, бинобарин, табиат мусаффолигини асрашга хизмат қилаётир. 

Авазбек Худойқулов, ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали