Logo

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган тадбир

12867 28 Май, 2016 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 126 Kb)


Жорий йилнинг 28 май куни "Ўзавтойўл"АК тизимидаги Автомобиль йўллари илмий тадқиқот институти (АЙИТИ)да 1 июнь-Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маънавий-маърифий байрам тадбири ўтказилди. Тадбир доирасида "Асфальтга туширилган энг яхши сурат" танлови бўлиб ўтиб, унда институтда фаолият юритувчи ходимларнинг энг кичик оила аъзолари иштирок этишди. Жажжи болакайлар ўзларининг бор маҳоратларини намойиш этишга бел боғлаб, бир-биридан чиройли расмлар чизишар экан, юзларида байрам нашидаси акс этиб турарди.

Тадбир хусусида АЙИТИ директори Ойбек Зияев шундай дейди: 

-Мустақиллик йилларида ташкил этилган институтимиз ўз фаолияти даврида йўлсозлик соҳасида кўплаб тадқиқотлар ўтказди, янгиликлар киритди. Институтда соҳа ривожига ўз ҳассасини қўшиш йўлида изланишлар олиб бораётган 50 га яқин юқори илмий салоҳиятга эга кадрлар ишлаб келмоқда. Уларнинг ишчанлик қобилиятини янада ошириш, жамоа аҳиллигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда байрам тадбирларини ўтказиб келамиз. "Соғлом она ва бола йили" Давлат дастури доирасида, Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкиллаштирилган бугунги тадбиримиз, ходимларимизнинг фарзандлари, неваралари ўртасида ҳам дўстона муносабатлар ўрнатилишига хизмат қилмоқда.  

Дарҳақиқат соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш давр талаби. Фарзандларимизнинг нафақат жисмонан, балки маънан ва руҳан соғлом бўлишларида бу каби тадбирларнинг аҳамияти катта. 

Тадбир сўнгида расмлар танловида фаол иштирок этган болажонларга байрам совғалари топширилди. Совғаларга қўшимча тарзда "Premier Hall Cinema" кинотеарига мультфильм томошасига бориш учун берилган чипталар болажонларни айниқса қувонтирди. 

"Ўзавтойўл" АК матбуот хизмати

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали