Logo

Ўзбекистон ва Япония стратегик шериклигида янги давр​

1432 20 Декабр, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 120 Kb)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу мамлакат пойтахти Токиода бўлиб турибди.

Япония мўъжизасига дуч келмаган, унинг ақл бовар қилмас даражадаги юксак технологияларидан ҳайратланмаган одамни топиш қийин. Чунки ҳар куни бу мамлакатда ишлаб чиқарилган, инсон интеллектуал салоҳиятининг бемисл кашфиётлари бўлган кундалик рўзғор буюмларидан тортиб юқори технологиялар, сунъий интеллект ютуқларидан, бошқа минг-минглаб техникалардан фойдаланамиз, уларсиз ҳаётимизни тасаввур этолмаймиз.

Одамларда "бу Японияники" ёки "Японияда ишлаб чиқарилган" деган тушунчани пайдо қилиш учун япон халқига бор-йўғи ярим аср етарли бўлди. Лекин шу қисқа вақт ичида японлар бой табиий ресурсларсиз, инсон тафаккури билан ҳам мўъжиза яратишга қодирлигини исботлаб берди.

Ҳа, япон халқи ўз мўъжизалари билан қанча ҳайратлантирмасин бундан асло ғурурланмайди, аксинча, янада кўпроқ изланади, тиним билмайди, кашфиётлар қилишга интилади. Шу боис Япония кўчаларида хотиржам сайр қилаётган ёки дам олаётган одамни учратмайсиз, ҳамма ўз юмушига, кеч тушиши билан уйига шошади. Муболағасиз, ватанпарварлик, меҳнаткашлик, тадбиркорлик бу тиним билмас халқнинг қон-қонига сингиб кетган. Шу боис Япония ишлаб чиқариш ҳажми бўйича энг олдинги ўринлардан бирида туради, технологиялар экспорти бўйича дунёда етакчилардан саналади.

Ўзбек ва япон халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Миллий ва ахлоқий қадриятлар, бирдамлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халқ учун бирдек хосдир. Бу мамлакатларимизнинг дўстлиги ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларида яққол акс этмоқда.

Ўтган йилларда Ўзбекистон ва Япония икки ва кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда салмоқли ютуқларга эришди. Мамлакатимиз Япония билан самимий дўстлик алоқаларини, стратегик шериклик ва ҳамкорликни юксак қадрлайди. Япония Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ҳамкори сифатида эътироф этади.

Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кунчиқар мамлакатга расмий ташрифини ҳар икки томон ўзаро муносабатлар тарихида муҳим воқеа, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-технологик соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим қадам дея баҳоламоқда.

Японияга ташрифнинг учинчи куни ушбу мамлакат парламентининг қуйи палатасида учрашувдан бошланди. Давлатимиз раҳбари Вакиллар палатаси раиси Тадамори Осима билан Ўзбекистон – Япония парламентлараро муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Япония парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик лигаси фаол ишлаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Кунчиқар мамлакатнинг парламентаризм соҳасидаги тажрибасини ўрганиш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш ва ўзаро алмашинувларни кенгайтиришга келишиб олинди.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон Президенти Япония парламенти қуйи палатаси спикерига юртимизда илк бор ўзбек тилига таржима қилинган ва чоп этилган Япония Конституциясининг биринчи нусхасини совға қилди.

Шавкат Мирзиёев Вакиллар палатаси мажлислари ўтадиган асосий зал билан ҳам танишди.

Давлатимиз раҳбари Япония парламентининг Маслаҳатчилар палатаси президенти Акико Санто билан учрашди.

Парламентлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, айниқса, жорий йилда қабул қилинган қўшма меморандум доирасида икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасида фаол мулоқот олиб борилаётгани юксак баҳоланди.

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Таълим, маданият, спорт, гуманитар алмашинув соҳаларида кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Япония парламенти Маслаҳатчилар палатаси сессиялари ўтказиладиган тарихий зал билан ҳам танишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Токиодаги Акасака қароргоҳида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаокани қабул қилди.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва устувор дастурларни илгари суришга қаратилган кўп йиллик ҳамкорлик учун JICA раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Бугунги кунда шерикликдаги лойиҳалар қиймати 4 миллиард доллардан ошди. Узоқ муддатли ҳамкорлик бўйича умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан зиёд бўлган, жумладан, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни ўз ичига олган янги дастур ўзаро келишиб олинди.

Кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, таълим соҳасидаги алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ва JICA ҳамкорлигидаги ҳар бир лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида "Йўл харитаси" ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Токио шаҳрида дунёга машҳур япониялик архитектор Тадао Андо Ўзбекистон давлат санъат музейини ривожлантириш концепциясига доир таклифларини тақдим этди.

Маълумки, пойтахтимиздаги музейни комплекс реконструкция ва модернизация қилиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хорижий мутахассислар билан ҳамкорлик қилмоқда. Япониялик архитектор Тадао Андо шулар жумласидан.

Учрашувда меъмор томонидан Венадаги "Альбертина" музейи директори Клаус Шрёдер ва "Альтернатив Вельт" компанияси президенти Адриан Барсан билан ҳамкорликда тайёрланган тақдимот намойиш этилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳани музей ишининг замонавий талаблари ва меъморликдаги илғор ечимларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлаш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи асосий тадбирлари 19 декабрь куни Токиода бўлиб ўтди.

Кантэй қароргоҳида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Давлатимиз раҳбарини Япония Бош вазири Синдзо Абэ кутиб олди. Улар давлат байроқлари олдида қўл бериб кўришди.

Давлат мадҳиялари янгради. Шавкат Мирзиёев ва Синдзо Абэ олий мартабали меҳмон шарафига саф тортган фахрий қоровул олдидан ўтди. Уларга делегациялар таништирилди.

Шундан сўнг икки мамлакат делегациялари иштирокида музокара ўтказилди.

Япония ҳукумати раҳбари Президентимизни самимий қутлар экан, ушбу ташриф "Рэйва" ("Гўзал уйғунлик") даврининг биринчи йилида ўтаётганини алоҳида таъкидлади.

Токио мамлакатимиз билан дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратаётгани қайд этилди.

Синдзо Абэ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади ва уларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. Давлатимиз Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни жонлантиришга фаол ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Япония ҳукумати раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, япон халқини "Рэйва" даври бошлангани билан табриклади.

Мамлакатимиз етакчиси икки томонлама кўп қиррали шерикликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш борасидаги интилиши қатъий эканини таъкидлади.

Япония ҳукуматига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва иқтисодий модернизацияни қўллаб-қувватлаётгани, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашга кўмаклашаётгани учун миннатдорлик билдирилди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни давом эттириш йўналишлари кўриб чиқилди. Долзарб халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг ёндашувлари яқинлиги қайд этилди.

Парламентлараро алоқалар, жумладан, Япония парламентидаги Ўзбекистон билан дўстлик лигасининг фаол иштироки доирасида жонлангани мамнуният билан қайд этилди.

Асосий эътибор мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Икки мамлакат етакчилари ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, инвестициявий, технологик, молиявий ва молиявий-техник ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга ташрифи доирасида бўлиб ўтган ишбилармонлик тадбирларининг натижалари катта мамнуният билан тилга олинди.

Энергетика, қазиб олиш тармоғи, машинасозлик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, туризм ва бошқа устувор йўналишларда, аввало, Япония етакчи компания ва банкларининг тўғридан-тўғри инвестициялари ва илғор технологияларини жалб қилган ҳолда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш маъқулланди.

Делегациялар раҳбарлари Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги орқали молиявий ва молиявий-техник шериклик кенгайиб бораётганини олқишладилар.

Бундан ташқари, ҳудудлараро алоқаларни, тартибли меҳнат миграцияси, таълим, соғлиқни сақлаш, маданий алмашинув соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Асосий йўналишларда қўшма лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва илгари суришнинг институционал механизмлари келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар музокара натижаларидан мамнун эканларини билдирдилар, дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги даврини бошлаш борасида қатъий эканларини таъкидладилар.

Япония Бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи учун қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келиш таклифини миннатдорлик билан қабул қилди.

Олий даражадаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолади.

Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида солиқ ва божхона соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, йирик инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича имзоланган битимлар алмашилди.

Булардан ташқари, Ўзбекистон делегацияси ташрифи доирасида иқтисодиёт, саноат, туризм, илм-фан, инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, меҳнат миграцияси, таълим ва спорт соҳаларида, ҳудудлар ўртасида ҳамкорлик бўйича ўндан зиёд ҳужжат қабул қилинди.

Шундан сўнг икки мамлакат етакчилари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот берди.

Давлатимиз раҳбари Япония билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш ва янада кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

– Бугун сиёсий, парламентлараро алоқалар, савдо ва инвестиция, инновация, кичик ва ўрта бизнес, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилдик ҳамда муҳим келишувларга эришдик, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ташриф доирасида Япониянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан йирик лойиҳалар бўйича битимлар имзоланди. Бу лойиҳалар, аввало, Япониянинг илм-фан ва юқори технологиялар соҳасидаги илғор ютуқларини Ўзбекистон иқтисодиётига жорий этишга қаратилгани билан айниқса эътиборлидир.

Япония Бош вазири, ўз навбатида, Президент Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Имзоланган салмоқли ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий, маданий-гуманитар алоқалар кенгайишига хизмат қилишига ишонч билдирди.

– Биз жаноб Президент билан, Қўшма баёнотга асосланиб, Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни ҳамма соҳаларда ривожлантириш бўйича елкадош бўлиб ишлаймиз, – деди Синдзо Абэ.

Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг ёндашувлари яқинлиги яна бир бор тасдиқланди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали