Logo

"Ўзавтойўл" қўмитаси раиси: "ЙТҲлар йўлларнинг торлигидан эмас, ҳаракат нотўғри ташкил этилгани оқибатида юз бермоқда"

1335 15 Октябр, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 111 Kb)


Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ҳукумати ва Сенатидан узунлиги 75 километр бўлган икки полосали "Пунган—Наманган" йўлини реконструкция қилиш ва кенгайтириш лойиҳасини қайта кўриб чиқишни сўради, дея хабар бермоқда "daryo.uz".

Хайрулло Бозоров 12 октябрь куни Сенатнинг 23-ялпи мажлисидаги чиқишида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 2013 йили Миллий автомагистралнинг Наманган вилоятидан ўтган қисми — "Тошкент—Ўш" (А-373) трассасининг бир бўлагини қуриш учун Ўзбекистонга 220 миллион доллар миқдорида кредит тақдим этганини эслатиб ўтди.

Лойиҳа бўйича асфалт қопламали икки полосали йўл цемент-бетон қопламали тўрт ҳаракатланиш бўлагидан иборат йўлга айлантирилиши керак эди.

"Наманганга олиб борадиган битта асосий йўл бор. Бу довондан тушгандан сўнг келадиган, узунлиги 75 километр бўлган 'Садоқат—Ангор' йўли. Афсуски, мана шу асосий йўл икки полосалигича қолиб кетди. Йил сайин автомобиллар сони ортмоқда ва йўл икки полосалилигича қолгани боис, одамлар қурбон бўлаётган авариялар сони йилдан йилга кўпаймоқда. Бу йўл нафақат Наманган шаҳри ва Наманган вилоятини, балки Фарғона вилоятининг чегарадош туманларини ҳам қолган ҳудудлар билан боғлайди", — дея таъкидлади ҳоким.

Вилоят ҳокимининг сўзларига кўра, 2016 йили мазкур йўлда транспорт оқими суткасига 15—20 минг автомобилни ташкил этган бўлса, 2017 йилда кўрсаткич 20—25 минггача, 2018 йилда эса 30 минггача кўпайган, ваҳоланки йўл кунига 10—15 минг машинани ўтказиш қувватига эга.

"Бугунги кунда бу йўл бўйлаб икки баробар кўп машина ўтяпти. Оқибатда 2019 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 33 та ЙТҲ юз бериб, 19 киши ҳалок бўлди, 42 киши тан жароҳати олди", — дея маълум қилди Хайрулло Бозоров.

Ҳоким ушбу йўлни реконструкция қилиш ва кенгайтириш 2015—2019 йилларда йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритилганини эслатиб ўтди. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки маблағларини жалб этиш кўзда тутилган эди.

"Уч йил аввал йўл кенгайтирилиши муносабати билан бузилган уй-жой ва фермер хўжаликлари мулкининг ўрнини қоплаб бериш учун 11 миллиард сўм ажратилган эди. Кимларгадир етказилган зарар пули тўлаб ҳам берилган, 220 хўжалик бошқа жойга кўчирилган, боғлар бузилган, табиатга зарар етказилган. Биз барча шароитни тайёрлаб қўйгандик. Аммо лойиҳа тўхтаб қолди. Ўшанда яна ЛБМА (Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги) пайдо бўлиб, лойиҳа мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида асоссиз хулоса чиқариб берди", — деди у.

Бунга жавобан Автомобиль йўллари қўмитаси расиси Абдураҳмон Абдувалиев лойиҳа 2016 йилда тўхтатилгани, шунга қарамай йўл қопламасини таъмирлаш учун 100 минг тонна асфалт ишлатилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, такрорий музокаралар вақтида ОТБ вакиллари йўлнинг бу қисми кенгайтиришга муҳтож эмаслигини таъкидлаган.

"Ҳаракатни тартибга келтиринг — шунда авариялар ҳам бўлмайди", — деди Абдураҳмон Абдувалиев, ОТБнинг транспорт бўйича катта мутахассиси Паван Каркининг сўзларидан иқтибос келтириб.

Қўмита раиси ЙТҲлар йўлнинг торлигидан эмас, балки ҳаракатнинг нотўғри ташкил этилгани оқибатида юз бераётганини таъкидлаб, сўзларига далил сифатида Германия тажрибасини келтирди.

"Мана, ҳаммамиз чет элда бўлганмиз. Масалан, Германияда 37 миллион автомобиль бор, бизда эса 2,5 миллион. У ерда бир томонлама ҳаракатга мўлжалланган уч полосали ёки икки томонлама ҳаракатга мўлжалланган олти полосали йўллар йўқ. Энг йирик автобанларда полосалар сони иккитадан тўрттагача, хоҳласанг, соатига 300 километр тезликда ҳаракатланиш мумкин. Сабаби — йўл ҳаракати хавфсизлиги масъул ташкилотлар томонидан тўғри ташкил этилган. Бизда ҳайдовчилар тунда ухламай машина ҳайдайди ва қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб, бошқа автомобиллар билан тўқнашади", — деди қўмита раиси Абдураҳмон Абдувалиев.

Шунга қарамай, Абдураҳмон Абдувалиев у раҳбарлик қилаётган қўмита яқин вақт ичида ушбу лойиҳани бошқа вазирликлар билан биргаликда яна бир бор ўрганиб чиқишига ваъда берди.

daryo.uz

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали