Logo

Ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида ҳис этиши керак​

1171 14 Март, 2020 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 107 Kb)


Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 12-13 март кунлари Хоразм вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни давлатимиз раҳбари Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ва туманлар ҳокимлари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тадбиркорлар, зиёлилар иштирокида йиғилиш ўтказди.

Халқимиз ҳаётини янада яхшилашга йўналтирилган ислоҳотларимизни одамлар билан мулоқот ва маслаҳат асосида ишлаб чиқяпмиз. Хоразмга ҳам жойларда аҳолини қандай муаммолар ташвишга солаётгани ҳақида суҳбатлашгани келдим. Шунинг учун менга кўпроқ масала қўйсаларингиз натижа бўлади. Биз ёлғон, баландпарвоз гапириб шу аҳволга келдик. Президентга ёлғон гапириш – Ватанга хиёнат, – деди Шавкат Мирзиёев.

Вилоятнинг ривожланиш даражаси орқада қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот республика кўрсаткичидан 1,5 баробар, саноат маҳсулоти ва хизмат кўрсатиш ҳажми бўйича эса 2 баробар паст. Ҳудудда 58 минг оила камбағаллик бўсағасида кун кечирмоқда. Шундан 856 таси ўта ночор аҳволда. Кўплаб одамлар ишлаш учун хорижга кетган. Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, Хоразмда 200 минг иш ўрни яратиш зарур.

Давлатимиз раҳбари аҳолини тадбиркорликка жалб этган ҳолда, янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш, шу орқали камбағалликни кескин қисқартириш асосий мақсад эканини таъкидлади.

Туман ва шаҳарларда тадбиркорликни жадал ривожлантириш, банкларни "лойиҳалар фабрикаси"га айлантириш зарурлиги қайд этилди. 2,5 мингта бўш турган бинолар негизида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зонасини янги лойиҳалар билан тўлдириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қишлоқ туманларда пуллик хизмат кўрсатиш Урганч шаҳрига нисбатан 10-15 баробар пастлиги таъкидланиб, бундай объектларни кескин кўпайтириш кераклиги белгиланди.

Йиғилишда Президентимиз Хоразм вилоятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Яқин уч йилда умумий қиймати 24 триллион сўмлик 2 минг 736 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 50 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Ҳазораспдаги автомобиль заводида "Дамас" ва "Лабо" микровэнлари ишлаб чиқаришнинг маҳаллийлаштириш даражасини 65 фоизга етказиш (ҳозир 27 ва 14 фоиз) бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.

Вилоятда келгуси йилда пахтани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга, ип-калавани уч йилда бугунги 35 фоиздан 70 фоизга етказиш бўйича янги лойиҳалар ишлаб чиқилади.

Малайзиялик инвесторларнинг 250 миллион доллар сармояси ҳисобидан йилига 63 минг тонна каустик сода ва хлор ишлаб чиқарадиган кимё заводи қурилади.

Сувдан унумли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этиш, қовунчиликда "Хоразм нави" брендини яратиб, қовун етиштириш ва экспорт қилишни кўпайтириш бўйича вазифалар белгиланди.

Сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Шовот каналининг икки ёнида кичик туризм зонасини, Хивада "Хоразм хонлари шаҳарчаси"ни ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Давлатимиз раҳбари миллий санъатимизни тараннум этиш, хорижликларни юртимизга жалб қилиш мақсадида Хоразмда лазги бўйича халқаро фестиваль ўтказишни таклиф этди. Бу ташаббусни хоразмликлар мамнуният билан қўллаб-қувватлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига илгари келганида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди мемориал боғи ташкил этиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ лойиҳа таклифи тайёрланиб, бу галги ташриф чоғида намойиш қилинди.

Президентимиз ҳайкалнинг хомаки нусхасини синчиклаб кўрди. Мазкур ёдгорлик маҳобатли бўлиши, узоқдан ҳам яққол кўзга ташланиб туриши зарурлигини таъкидлади.

Боғ учун мўлжалланаётган майдон мутасаддилар билан муҳокама қилинди.

Жалолиддин Мангуберди – буюк саркарда бобомиз, миллатимизнинг фахру ғурури. Унга бағишланган майдон шунга яраша катта, мазмунли бўлиши керак. Боғ бўйлаб Мангубердининг озодлик учун кураши, жанглари ҳақида лавҳлар ўрнатилиши зарур. Бу ерга келган одам фақат ҳайкални кўрмай, ўзига билим, куч-қудрат олсин, сайёҳлар тарихимизни ўргансин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳани қайтадан пухта ишлаб чиқиш, транспорт ҳаракати учун қулайликларни инобатга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига сафари якунланди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали