Logo

Барча мақсад ва ҳаракатларимиз халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз келажаги, ватанимиз тинчлигини таъминлашга қаратилган

310 18 Октябр, 2019 Чоп этиш Юклаб олиш (PDF 130 Kb)


Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 17 октябрь куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди.

Вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан жорий йилнинг 9 ойида 575,2 миллиард сўмлик 263 лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Ўтган даврда 696 миллиард сўмлик 329 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиб, 2 минг 523 та иш ўрни яратилди. 122 минг 750 долларлик саноат маҳсулотлари, мева-сабзавот, полиз ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилинди.

Жорий йилнинг 9 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 5,8 фоиз ўсди. Саноат маҳсулотлари ҳажми 7,3, қишлоқ хўжалиги 3,4, халқ истеъмоли моллари 6,8, хизмат кўрсатиш 11,1 фоизни ташкил этди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 79,8 фоизга етди.

Президентимиз Сурхондарё вилоятига бу галги сафарини анъанага кўра Ҳаким Термизий мақбараси зиёратидан бошлади.

Кейинги йилларда таъмирланиб, янада обод ва гўзал мажмуага айланган ушбу табаррук масканда Қуръон тиловат қилинди.

Уламолар билан бўлиб ўтган суҳбатда Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Ҳаким Термизийнинг маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ҳамда юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда миллий қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимизни, буюк алломаларимизнинг бой меросини ўрганиш, уларнинг қадамжоларини обод қилиш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Улуғ уламоларнинг номлари билан аталган диний мажмуалар, жомеъ масжидлари, илмий марказлар бунёд этилди.

Давлатимиз раҳбари жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, билиб-билмай адашганларни афв этиб, тўғри йўлга қайтариш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, бу борада маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Сурхондарё вилояти турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда бой тажрибага эга. Фермер хўжаликларининг 1 минг 797 таси пахтачилик-ғаллачилик, 1 минг 962 таси боғдорчилик-узумчилик, 84 таси сабзавотчилик ва полизчилик, 43 таси ғаллачилик-сабзавотчиликка ихтисослашган. 888 фермер хўжалигида чорва моллари парваришланмоқда.

Жорий йилда вилоят пиллакорлари 1 минг 627 тонна сифатли хомашё тайёрлади. 93 минг гектар майдондаги ғалладан 532,5 минг тонна ҳосил йиғиб олиниб, 301 минг 216 тоннаси давлат қабул пунктларига топширилди. Пилла ва дон ишлаб чиқаришдан 649,5 миллиард сўм даромад қилиниб, 157 миллиард сўм соф фойда олинди. Ҳосилдан бўшаган майдонларга такрорий экин парваришлашдан 2 триллион 375 миллион сўм даромад қилиш мўлжалланмоқда.

Вилоятда 17 минг 181 гектар майдонда мева, 13 минг 300 гектарда узум етиштирилади. Ҳозиргача 114 минг 700 тонна мева, 83 минг 300 тонна узум олинди.

Жорий йилда вилоят пахтакорлари ҳам салмоқли ҳосил етиштирди. Айни кунларда мева-сабзавот, узум, полиз ва бошқа зироатларни йиғиштириб олиш баробарида пахта ҳосилини ёғин-сочинли кунларга қолдирмай йиғиб олишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳозиргача топширилган 80 фоиз пахта ҳисобидан 817 миллиард сўм даромад олиниб, 96 миллиард сўм фойда кўрилгани, мавсум якунигача бу кўрсаткич 135 миллиард сўмдан ошиши кутилаётгани пахтакорларни янада унумли меҳнат қилишга ундамоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Ангор туманидаги "Aнгор Сурхон ғурури" пахта-тўқимачилик кластери даласида пахта ҳосилини кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил январда вилоятга сафари чоғида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шу асосда Сурхондарёда 6 та тўқимачилик кластери ташкил этилди. Улар жами пахта майдонининг 67 фоиздан зиёдини қамраб олган. 2020 йилда бу кўрсаткични 100 фоизга етказиш режалаштирилган.

Кластер тизими соҳага замонавий технологиялар ва инновацион ишланмаларни жорий қилишда муҳим омил бўлмоқда. "Ангор Сурхон ғурури" масъулияти чекланган жамиятида ҳам янги иш услуби асосида ҳосилдорлик ва маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги оширилмоқда. Ушбу кластернинг жами майдони 9 минг 180 гектар бўлиб, унинг 8 минг 100 гектаридан кўпроғига экин экилади. Жумладан, бу йил қарийб 5 минг гектар ерда ингичка толали пахта етиштирилган.

Юртимиз олимлари томонидан яратилган ғўзанинг "Сурхон-14", "Сурхон-16" навлари икки йил мобайнида тажрибадан ўтказилди. Ингичка толали бу нав турли об-ҳаво шароитларига, сувсизлик, гармсел ва зараркунда ҳашаротларга чидамлилиги, эртапишарлиги билан аҳамиятли. Толасининг узунлиги, пишиқлиги, текстилбоплиги жаҳон бозорида харидоргир ҳисобланади. Бошқа навлар билан меҳнат ва ресурс сарфи бир хил бўлгани ҳолда ингичка толанинг иқтисодий самарадорлиги 60 фоиз кўп.

– Биз еримизга сарфланаётган харажатга нисбатан кам ҳосил оляпмиз. Нав билан, илмий агротехника билан шуғулланмай қўйгандик. Меҳнат унумдорлиги, манфаатдорлик паст эди. Аслида ерга меҳр берган инсон бой бўлиши керак. Бизнинг мақсадимиз шу. Илм бўлмаса, ривожланиш бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент ингичка толали ғўза навларини кўпайтириш ва экин майдонларини кенгайтириш, олимларни рағбатлантириш бўйича топшириқлар берди. Кластерлар фаолиятини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида сўз юритилди.

– Энди ҳамма кластерлар чорвачилик комплекслари ташкил қилади. Чунки уларда озуқа базаси бор. Чорвачилик ривожланса, гўшт, сут арзон бўлади. Бу халқимиз фаровонлиги, болаларимиз саломатлиги учун муҳим, – деди давлатимиз раҳбари.

Бугунги кунда кластерда 900 дан зиёд ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда. Келгусида қайта ишлашни кенгайтириш ҳисобидан янада кўп иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Денов туманидаги Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмда бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги барча ҳарбий қисм ва муассасаларининг штат туркумлари, шахсий таркиби тубдан такомиллаштирилмоқда.

Мазкур ҳарбий қисм ҳам 2018 йилдан аралаш ҳарбий қисм таркибида фаолият юритмоқда. Бу ерда муддатли ҳарбий хизматчилар 21 йўналишдаги мутахассислик бўйича тайёрланади. Қисмда ҳарбий хизматчилар учун барча шароит яратилган. Жумладан, бир вақтнинг ўзида 500 дан ортиқ ҳарбий хизматчи амалий ва назарий машғулот ўташи имконини берувчи 3 қаватли ўқув биноси, 6 та ётоқхона, замонавий спорт мажмуаси, ошхона қурилди. Ўқув биноларидаги компьютер хоналари, электрон кутубхонада ҳарбийларнинг замонавий билим ва илғор кўникмаларни эгаллаши, ўз устида мунтазам ишлаши учун зарур имкониятлар яратилди.

Мудофаа вазирлиги ва вилоят ҳарбий-маъмурий сектори томонидан ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига шарт-шароит яратиш мақсадида жорий йилда ҳарбий шаҳарчада 64 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, нодавлат мактабгача таълим муассасаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмдаги шароитлар, янги ташкил этилган бўлинмалар, аскарлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ўқув фаолияти билан танишди.

Саф майдонида Олий Бош Қўмондонга муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигига бағишланган кўргазмали машғулотлар намойиш этилди. Президентимиз ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намуналарини кўздан кечирди.

Ҳарбийлар билан мулоқотда Президентимизга Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округига қарашли ҳарбий қисмларни замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминлаш, қўшинларнинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, мазкур қисмда жанговар ва ўқув-тайёргарлик жараёнини автоматлаштиришга доир лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

– Ҳарбийлар халқимизнинг маънавий етук фарзандлари бўлиши керак. Бунинг учун шахсий таркибнинг маънавий етуклигини, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини юксалтириш лозим. Сиз Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз ворислари эканингизни доим ҳис қилиб, шунга муносиб хизмат қилсангиз, ёшларимиз ватанпарварлик, она юртга садоқат туйғуларини сизлардан ўрганади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент аскар ва офицерларнинг жанговар шайлигини ошириш, яшаш ва дам олиш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади. Жойлардаги ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Ҳарбий қурилиш тизимини такомиллаштириш, аскарларнинг маънавиятини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев Денов туманида ҳарбийларнинг фарзандлари учун қурилган нодавлат боғчага ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини юксалтириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш мақсадида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий боғчалар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ўтган йили 288 мактабгача таълим муассасасида 3-7 ёшли болаларнинг 11,6 фоизи қамраб олинган бўлса, айни пайтда 355 та давлат ва 177 та нодавлат боғчада жами болаларнинг 24,3 фоизи тарбияланмоқда. Йил охиригача бу кўрсаткични 32,3 фоизга етказиб, 74 минг ўғил-қизни замонавий боғчаларга қамраб олиш режалаштирилган.

Денов туманидаги Боғи Эрам маҳалласида "Меҳнат фаровон ҳаёт" фермер хўжалиги томонидан 150 ўринли "Смарт кидс" нодавлат мактабгача таълим муассасаси барпо этилди. Икки қаватли мазкур боғча чет тилларга ихтисослашган бўлиб, болалар инглиз, рус ва корейс тиллари бўйича бешта гуруҳда тарбияланади. Бундан ташқари, спорт, мусиқа ва санъат тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган.

Мактабгача таълим муассасасида асосан ҳарбий шаҳарчада яшаётган ҳарбийларнинг, шунингдек, ён атрофидаги аҳоли фарзандлари тарбияланмоқда. Боғчага ишга қабул қилинган 22 тарбиячининг 14 нафари ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларидир.

Давлатимиз раҳбари боғчадаги шароитларни кўздан кечирди, тарбиячилар билан мулоқот қилди. Тарбияланувчилар беш ташаббус ҳақида шеър айтиб берди. Президентимиз болаларга совғалар топширди.

– Тадбиркорларимизнинг шароитни тушуниб боғчалар қураётгани ҳозирги сиёсатимизга кўмак, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бундай боғчалар асосий эътиборни бола тарбиясига қаратади, давлат боғчалари билан рақобатда ишлайди.

Шу ерда Мактабгача таълим вазирлиги ва "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси томонидан ишлаб чиқилган мобиль ва модуль боғчалар тақдимоти ўтказилди.

Маълумки, олис ва чекка ҳудудлардаги кам хонадонли аҳоли пунктларида боғча қуриш ўзини оқламайди. Шуни ҳисобга олиб, мобиль боғчалар таклиф қилинмоқда. Бунинг учун "Isuzu" автобуси боғча хонаси кўринишида модернизация қилиниб, жиҳозланди. "Ақлвой" деб номланган мобиль боғчалар чекка ҳудудларга бориб, болаларга кундуз куни таълим-тарбия беради. Яна бир жиҳати, мобиль боғчалар учун 2 сотих ерда ўйин майдончаси барпо этилади. Бу болаларга анъанавий боғчалардагидек шароитда тарбияланиш имконини беради.

Денгиз контейнерларидан қурилган модуль боғчаларда 90 нафаргача болани қамраб олиш мумкин. Бундай боғчалар сирти иссиқ ва совуқ ўтказмайдиган материал билан қопланган, ичида ҳам замонавий шароитлар ҳозирланган. Болаларга таълим бериш методикаси, машғулотлар ўтказиш учун яратилган қулайликлар чет эл тажрибасига тўла мос келади.

Янги лойиҳаларни мактабгача таълим тизимида кенг ёйиш, мамлакатимизда боғчалар қамровини келаси йилда 50 фоизга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шавкат Мирзиёев Денов туманидаги лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган "Денов текстиль" пахта-тўқимачилик кластерида бўлиб, унинг имкониятлари билан танишди.

Президентимиз аввалги ташрифлари чоғида Сурхондарё вилоятида пахтани тўлиқ кластер усулида етиштириш, ҳар бир туманда замонавий кластерлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган эди. Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий самарали бўлган бундай тизим жорий йилдаёқ реал натижаларини бера бошлади.

Айни пайтда корхонанинг биринчи босқичи ишга туширилиб, кластер усулида ип-калава тайёрланмоқда. Йилига 6 минг 300 тонна ип-калава тайёрлаш қувватига эга корхонада жорий йилнинг тўққиз ойида 46,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Корхонада иккинчи босқичда тикувчилик линияси ташкил этилиб, экспортга йўналтирилган тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, 300 дан ортиқ хотин-қиз доимий иш билан таъминланади.

Лойиҳанинг учинчи босқичида матони бўяш ва пардозлаш корхонаси ҳам ишга туширилади, унда йилига 5 миллион погонметр газлама ишлаб чиқарилади.

2020 йилда вилоятда қиймати 107 миллион долларлик ана шундай 10 та кластер ишга туширилиши режалаштирилган. Шундай чора-тадбирлар натижасида келаси йилда вилоятда пахта толасини 100 фоиз шу ернинг ўзида қайта ишлашга эришиш мўлжалланмоқда.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида кластер тизимининг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Ҳар бир кластер қошида 10 минг бош қорамол боқиладиган чорвачилик мажмуалари ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Бу гўшт нархи асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олади.

– Бундай ишларни тезлаштириш керак. Ҳар бир жой, ҳар бир ер одамларни боқиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бундай саноат корхоналари аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий ҳимоя каби масалаларга ҳам ечим бўлади.

Шу ерда 2019-2021 йилларда вилоятда қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш, Денов шаҳри бош режаси ҳамда келгуси икки йилда Денов туманини обод қилиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

72 мингдан зиёд аҳоли яшайдиган Денов шаҳри янада кенгайиб, 2030 йилда унинг майдони 2025 гектарга, аҳолиси 90 мингга етади. Янги режага мувофиқ эски, кўримсиз кўча ва бинолар ўрнига замонавий кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, амфитеатр, хиёбонлар қурилади. Шаҳар марказидаги 17-асрга оид "Саид оталиқ" мадрасаси ва қалъа жойлашган ҳудудда ҳунармандчилик маркази барпо этилади. Қизилсув дарёси қирғоқларида дам олиш масканлари ташкил қилинади.

Президент бу борадаги бунёдкорлик ишларини тезлаштириш, одамлар учун ҳар томонлама қулай уй-жойлар қуриш зарурлигини таъкидлади.

Боғдорчилик, узумчилик кластерлари ташкил этиш, сабзавотчилик, логистика марказлари қуришга қаратилган лойиҳалар иқтисодий таҳлилларда баён этилди. Эндиликда вилоятда "бир маҳалла – бир маҳсулот" тамойили асосида фермерликни ривожлантириш, аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқатлар билан таьминлаш ҳаракати бошланади.

Ангорда аҳоли томорқалари тадбиркорлигини ривожлантириш, Узун туманидаги дон кластери, шунингдек, вилоятда ташкил этиладиган ғаллачилик кластерлари ҳақида сўз юритилди. Шўрчи туманида "Чиноз текстиль" масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларни кўздан кечирди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан халқаро консультатив компания кўмагида юртимиз далаларида етиштирилган мева-сабзавотлар ҳосили, экспорт салоҳияти, жаҳон бозоридаги талаб ва таклифни ўрганиш таҳлилларда баён этилди. Сурхондарё иқлим шароитидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигида эртапишар, эскпортбоп экин турларини кўпайтириш лозимлиги қайд этилди. Хусусан, лимон экишни кўпайтириш борасида аниқ топшириқлар берилди.

Ўтган йили Шеробод туманида цемент заводи ишга туширилган эди. Бу йил Жарқўрғон туманида "Сурхонцементинвест" хорижий корхонаси барпо этилди. Бу ерда Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан келтирилган замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди.

Лойиҳа қиймати қарийб 144 миллион доллар бўлган корхонанинг биринчи босқичи якунланган. Завод тўлиқ қувват билан иш бошлагач, йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилиб, унинг 750 минг тоннаси экспорт қилинади, 1 125 киши иш билан таъминланади.

Президент ушбу завод билан танишди.

– Сурхондарё вилоятининг иқтисодий имкониятлари жуда катта. Бу ерда ерости бойликлари кўп. Менделеев даврий жадвалидаги деярли барча элементлар бор. Бундан оқилона фойдаланишимиз, халқимиз манфаати учун ишлатишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, келгусида 12 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш орқали қуруқ қурилиш аралашмалари, гидратланган оҳак, темир-бетон маҳсулотлари ҳам тайёрлаш режалаштирилган.

Шу ерда вилоятда саноат, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ичимлик ва оқова сув тизимларини яхшилаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Вилоятга бириктирилган элчихоналар томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, Австрия, Япония, Афғонистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда вилоятда 2020-2021 йилларда 90,2 миллион долларлик 47 та истиқболли инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган.

Вилоятнинг ҳар бир туманида 9-12 қаватли уйлар қуриш, Денов тумани иқтисодиётини ривожлантириш, туманда эркин иқтисодий зона ташкил этиш, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш, кўпроқ инвестициялар жалб қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

ЎзА

Интерактив xизматлар

Ягона интерактив давлат xизматлари портали